Меню сайта


Проигрыватель


Аккаунты Райхон


Instagram


Календарь

    «  Май 2016  »
    ПнВтСрЧтПтСбВс
          1
    2345678
    9101112131415
    16171819202122
    23242526272829
    3031

Наш опрос

    Оцените наш сайт
    Всего ответов: 887

Статистика



Главная » 2016 » Май » 5 » «ЯХШИ-ЁМОН КУНЛАРДА ҲАМИША БИРГАМИЗ!»
21:15
«ЯХШИ-ЁМОН КУНЛАРДА ҲАМИША БИРГАМИЗ!»

Бизнинг дуэт 
  РАЙҲОН ҒАНИЕВА & ШИРИН ҒОФУРОВА:  
«ЯХШИ-ЁМОН КУНЛАРДА ҲАМИША БИРГАМИЗ!»

–  Нега айнан шу жойни танладингиз?
–  Бир вақтлар Райҳон иккимиз бу ерга тез-тез келиб турардик. Жуда ажойиб даврлар эди. Беғубор, беташвиш...
Суҳбатдошларимиз билан ёқимли хотираларни ёдга солувчи қаҳвахонада учрашдик. «Дуэтчи»ларимиздан бири, радиобошловчи Ширин ҒОФУРОВАнинг биринчи бўлиб келганидан фойдаланиб, уни сўроққа тутдик.
–  Дугонангиздаги айнан қайси ҳислатни ҳурмат қиласиз?
–  Куюнчак инсон! Ҳатто, керагидан ортиғи билан. Барча ишларини бир четга суриб, муаммонгизга шу қадар киришиб кетадики...
Гапимиз бўлиниб қолганига ҳайрон бўлманг. Ахир иккинчи иштирокчимиз ҳам етиб келди-да. Қолгани нима бўлди, деяпсизми? Суҳбатни ўқинг, билиб оласиз.

–  Танишганингизга анча бўлганми?
Райҳон Ғаниева: – Адашмасам, 2000 йилдан буён дўстмиз. 16 йил! 
Ширин ҒОФУРОВА: – Ростданми? Вақтнинг ўтишини қаранг. 
– Илк учрашувингизни эслайсизми? 
Ширин: – Райҳон эслолмаса керак, менинг эса барча-барчаси ёдимда. 
Райҳон: – Уялтирма. Рост эслолмадим. 
Ширин: – Дугонамни биринчи марта Жаҳон тиллари университети атрофида кўрганман. Сочлари карэ эди. «Чеҳраси жуда таниш, қаердадир кўрганман», дегандим. Кейин билсам, у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тамара Шокированинг қизи экан. Расман танишишимиз эса «Ҳамроҳ» радиосида юз берган. Райҳон хонанда ва бастакор Шаҳноз билан қўшиқ олиб келганди. 
Райҳон: – Ўша пайтлари радиобошловчи бўлишни орзу қилардим. 
Ширин: – Эслайсанми, ўшанда тўқ яшил рангли комбинизон кийиб олгандинг. Сочларинг ёйилган. 
Райҳон: – Қандай кийимда бўлганим ҳам ёдингдами? Қойилман!
Ширин: – «Била туриб севгимни» номли қўшиғингни олиб келгандинг. Эшитиб кўриб, шу ондаёқ «хит бўлади», дегандим. Шундан кейин Райҳон билан дўстлашиб қолдик. Тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турардик. Кейинчалик тароналари учун шеър ёзишни таклиф қилдим.  Биргаликдаги ҳамкорлигимизда бир қанча тароналар яратилди.
– Айнан қайси қўшиқлар эди, айтоласизми?
Ширин: – «Сенинг севгинг», «Ойижон», «Ёлғиз ўзинг», «Ким билар», «Поёнига етса». 
Райҳон: –«Ўзбек ўғлони»ни ҳам сен ёзгансан. Шу қўшиқнинг бэк вокалида ўзинг ҳам куйлагандинг. 
– Нега ҳозир шеър ёзмай қўйдингиз, Ширин?
Ширин: – Илҳом келмаяпти (кулади). 
Райҳон: – Қанча мусиқаларни эшиттирдик, ёзгиси йўқ. 
Ширин: – Илгари вақтим кўпроқ эди. Туни билан ҳам ижод қилолардим. Ҳозир эса оила, болалар... Ҳаммасига бирдек улгуриш қийин-да. Лекин истак йўқ эмас. 
– Райҳон, радиобошловчилик орзуси шу ҳолича қолиб кетавердими?
Райҳон: – Талабалик пайтим Райҳон Матёқубова исмли дугонам бўларди. У «Мой город» радиосида ишларди. Бир куни ёнига бориб, «Мен ҳам эфирга чиқсам бўладими, радиобошловчиликка жуда ҳавас қиламан», деганман. У бўлса «Сўрадим, йўқ дейишди» деган. Орадан вақт ўтиб эса айнан ўша дугонам «Эсингдами ўшанда сенга йўқ дегандим, аслида эса сўрамагандим. Адашмиз-ку, сени ҳам эфирга чиқаришса, мухлислар иккимизни адаштириб қўяди, деганман-да», дея тан олган. Ҳозир кулиб гапираяпман-у, лекин мана шу сабаб туфайли бошқа касбнинг бошини тутдим. Бунинг учун адашимдан жуда миннатдорман (кулги кўтарилди).
– 16 йил давомида иккингиз қай тариқа ўзгардингиз? Бир-бирингиз мисолида айтоласизми?
Райҳон: – У пайтлари ҳали бола эдик. Менимча, болаларча завқу шавқимиз ҳали ҳам қалбимизда сақланиб қолган. 
Ширин: – Шўх-шаддод қизлар эдик. Турмушга чиқдик, фарзандлар, оила, иш салгина жиддийлашдик. 
Райҳон: – Жиддийлашдик?! Рост гапираяпсанми? (кулгу кўтарилди). Ўзимиз ва атрофимиздаги инсонларга нисбатан масъулиятимиз ортди. Аслида, ҳаётнинг ўзи шундай қилиб қўяркан. 
Ширин: – Дугонам тўғри гапирди, нима бўлишидан қатъи назар, қалбимиздаги беғуборликни йўқотмаганмиз. 
Райҳон: – Кимнинг кўнгли ёш бўлса, кундан-кун ёшариб бораверади, дейишади. 
– Райҳон ва Ширинни нима бирлаштириб туради?
Ширин: – Иккимиз ҳам сунбула буржида туғилганмиз. Мен 16 сентябрда, Райҳон эса шу ойнинг 6 санасида таваллуд топган. 
Райҳон: – Негадир дўстларим орасида сунбула, ақраб буржида туғилганлар кўп. Мунажжимлар эса бу икки бурж вакиллари бир-бири билан келиша олмайди, дейишади. Лекин менда бунинг акси.
Ширин: – Характеримизда ўхшашликлар кўп. Дунёқарашларимиз деярли бир хил. Китобсеварлигимиз, психологияга қизиқишимиз ҳам мос келади. 
– Мутолаа борасида иккингизга ҳам маъқул келган асар қайси?
Райҳон: – Авваллари жуда кўп китоб ўқирдим. Ҳозир бўлса, самолётда ёки ижодий сафарга кетаётганда йўл-йўлакай мутолаа қиламан-у, аммо кўнглимдагидек бўлмайди. Тўғрисини айтсам, мени интернет йўлдан оздираяпти. Ижтимоий тармоқлардаги кичик ҳикояларни ўқийман. Қарабсизки, китобга фурсат бўлмайди. 
Ширин: – Бир вақтлар Сидни Шелдоннинг асарларини алмашиб ўқирдик, эслайсанми? Шу муаллифнинг янги китоби чиққанини эшитсак, албатта, сотиб олардик-да, ўқиб чиқардик. 
– Яқин дугонангиз билан барча ташвишларингизни бўлишсангиз-да, кези келганида уни аяганингиздан ҳам муаммоларингизни айтолмайсиз. Сизда шундай бўлмайдими, Райҳон? 
Райҳон: –  Бўлади, албатта. Ахир яқин инсоним дея уни ҳам ташвишга қўйгингиз келмайди-да. 
Ширин: – Райҳон барча муаммоларини ўзида сақлайди. Кимгадир билдиришни истамайди. Нолимайди ҳам. Кўриб турибман-ку, нимадандир хафасан десам, айтишга шайланади-ю, чуқур нафас олиб, «Ҳаммаси жойида», дейди. Матонатига қойил қоламан. 
Райҳон: – Нафақат сирингиз, балки ташвишларингизни  ҳам фақат синалган дўстларингизга айтишингиз мумкин. Чунки дўстларнинг ҳақиқийси йиллар давомида сараланади. 
– Барчасини ўзингизда ушлаб туриш қийин эмасми? 
Райҳон: – Ҳаётимда нимаки содир бўлмасин, ҳамиша яхшиликка йўяман. Муаммоми? Кимда йўқ?! Имкон қадар нохуш ўйларни ҳайдаб чиқараман. Ҳеч бир инсоннинг ҳаёт йўли бир текис кечмайди. Қийинчилик ҳаммада бўлади. Ва уларнинг шарофати билан шукр қилишни, қадрлашни ўрганамиз. Кези келганида ташвишлардан ҳам миннатдор бўлишимиз керак. 
Ширин: – Дугонам билан кўп дардлашаман, маслаҳат сўрайман. Айтганига кирмаганим учун ўзимни койишим ҳам рост. 
Райҳон: – Яқинларимдан маслаҳатимни аямайман-у, аммо ўзимга келганида тавсияларим тугаб қолади (кулгу кўтарилди).
Ширин: – Қай маҳал ёзсам ҳам, Райҳон, албатта, жавоб беради. Вақтим тиғиз, ишларим кўп, демайди. Бутун диққатини менга қаратиб, муаммонинг ечимини топмагунича тинчимайди. Далда бўлувчи афоризмлар, руҳшуносларнинг маслаҳатларини ҳам бир зумда топиб, «Мана бундай қилиш керак» дейди. Ўйлаб қарасам, кўп ишларни у билан бамаслаҳат бажарар эканман.  
– Бунда чиқди Райҳон сизнинг руҳшуносингиз экан-да? 
Ширин: – (кулгу кўтарилди) Ҳа, шунақа деса ҳам бўлади. Бир пайтлар айрим сабабларга кўра дугонамнинг уйида яшаганман. Ҳаётимдаги қийин дамларда ёнимда бўлгани, менга далда бергани учун ундан жуда миннатдорман (дугоналар бир-бирининг қўлини сиқиб қўйишди). Ўғлим туғилганида туғруқ хонасининг эшиги очилган-у Райҳон кириб келган. Доялару ҳамширалар шу жумладан ўзим ҳам ҳайрон қолганмиз. Эътиборли инсон бўлганидан кўзим ёрийдиган кунни ҳам унутмаган экан. Қизалоғим дунёга келганида эса хафа бўлганди, «Нега мени чақирмадинг, ёнингда турардим», деб. 
– Кун давомида тез-тез қўнғироқлашиб турасизларми?
Ширин: – Ишонасизми, баъзан ҳафталаб қўнғироқлашмаймиз. Имкони бўлмайди. 
Райҳон: – Кейин бўлса, соатлаб гапимиз тугамайди. 
Ширин: – Қўнғироқлашиш, ёзишиш билан ўлчанмайди-ку дўстлик. Ҳақиқий муносабатлар масофаларда синалади. Лекин имкони бўлди дегунча, кўришишга ҳаракат қиламиз. 
– Қизингизнинг исми ҳам Райҳон-а?
Ширин: – Ҳа, дугонамга ҳавас қилиб қўйганман. Ваҳоланки, Райҳоннинг ўзи бунга қарши эди. 
– Нега? 
Райҳон: – Оғир исм-да. Ўз ҳаётим мисолида бошқа исм танлашини айтгандим. 
Ширин: – Лекин мен ўз билганимда қолиб қизимга Райҳон деб исм қўйганман. Ва бунинг учун жуда хурсандман. Агар қизалоғимнинг характери дугонамникига ўхшаш бўлса, бундан бошим осмонга етади. У жуда яхши инсон, намунали фарзанд, ғамхўр она ва ажойиб аёл!
– Ширин, кимдир дугонангизни танқид қилса...
Ширин: – Дугона эканлигимизни билганлар мени ёнимда танқид қилиш ёки бирор салбий фикр билдиришга жазм қила олишмайди. Борди-ю, Райҳонга тегишли бирор гап-сўз айтилса, фикрларни охиригача эшитаман-у, сўнг шунга яраша жавоб қайтараман.
– Дугонангиз ижросидаги энг севимли таронангиз қайси?
Ширин: – Райҳоннинг сўнгги концерт дастури «Сенинг севгинг» қўшиғи билан бошланди. Рости, бу мен учун кутилмаган воқеа бўлди. Айнан шу тарона ёзилаётганида, яъни 2008 йиллар, мен фарзанд кутаётгандим. Дугонамнинг илтимосига кўра яратилан ушбу қўшиқ умр йўлдошимга аталганди. Шунга ҳам бу таронага меҳрим бўлакча. «Поёнига етса» номли таронани ҳам севиб тинглайман. 
– Райҳон, Шириннинг эшиттиришларини тинглаб турасизми?
Райҳон: – Ҳаракат қиламан. 2010–2011 йилларда иккимиз тунги эшиттиришни олиб борганмиз. Жуда қизиқарли лойиҳа эди. Санъаткорлар билан ажойиб суҳбатлар, савол-жавоблар ўтказардик. Биринчи муҳаббатлари, умр йўлдошлари билан қандай учрашишгани, фарзандларининг дунёга келиши... Турфа тақдирларнинг гувоҳи бўлганмиз. Айнан шу эшиттиришларда хонанда Муниса билан яқиндан танишганмиз. 
Ширин: – Ҳамкасблар бўлганмиз (кулади). Райҳон эшиттиришга астойдил тайёрланарди. Афоризмлар изларди, саволлар тузарди, маълумотлар топарди. 
Райҳон: – Ёдингдами, «Уммон» гуруҳи йигитлари билан бўлган эшиттиришимиз «аншлаг» бўлган. Қўнғироқларнинг кети узилмаганди. 
Ширин: – Менга қўнғироқ қилганинг-чи, «Уммон»нинг қўшиқларини юклаб олувчилар сони шу қадар кўп эканки...» дея. 
– Дугонангизнинг овоз оҳангидан кайфиятини билоласизми? 
Райҳон: – Албатта! 
Ширин: – Хафа бўлсам, яширмайман. У ҳам шундай. 
–  Дугонангизнинг бошқа санъаткорларга шеър ёзиб бериши ёки улар билан дўстлашиши ғашингизни келтирмайдими?
Райҳон: – Фақат мен билан дугона бўлсин десам, худбинлик бўлиб қолади, назаримда. Бошқа хонандалар билан ҳамкорлик қилиши ёки дўст тутинишига сира қаршилигим йўқ. 
Ширин: – Гоҳида мухлислардан савол бўлади «Ширин опа, Райҳон билан дугона бўла туриб, қандай қилиб бошқа саънаткорлар билан дўстлашасиз?» деган мазмунда. Масалан, хонанда Феруза Жуманиёзова билан ҳам яқин дугонамиз. Ҳамманинг ўз ўрни бор.
– Айни дам дугонангизга нималарни айтишни истардингиз?
Ширин: – Бирдан-бир тилагим Райҳонни бахтли кўриш! Учрашганимизда ёки қўнғироқлашганимизда, «Бахтлиман!» демасин, майлига, севинчи, бахтиёрлиги юз-кўзидан уфуриб турсин! Дугонам кучли ирода соҳибаси. Аммо ҳар қандай матонатли аёл ҳам ишонган тоғи бўлишини истайди. Мен унга ана шундай бахтни тилайман. 
Райҳон: –  Раҳмат! Сенга ҳам улкан бахт истаб қоламан, Ширин! Фарзандларинг соғ-саломат бўлишсин, умр йўлдошинг билан кўп йиллар тинч-фаровон ҳаёт кечиринглар!
Ширин: – Ўғилларингни чопқиллаб юрганини Тамара опа кўрганларида эди... Бу кунларни қанчалик орзу қилардилар. Райҳон ижодий сафардан қайтадиган куни Тамара опа менга қўнғироқ қилиб, чақирарди. Иккимиз дугонамнинг келишига манти тайёрлардик. Тамара опа қизлари учун жуда куюнчак аёл эди. Райҳон ҳақида бирор гап-сўз чиқса, қўнғироқ қилиб йиғларди, «Нега ундай қилишади, раддия ёзинглар, туҳмат қилишга нима ҳаққилари бор», дея. Ўқиманг шуларни дердим. Жуда ажойиб инсон бўлган. Райҳон сафардалигида тез-тез қўнғироқлашиб турардик. Бу аёлни ҳамиша ёруғ хотира билан эслайман. Бугун уларнинг ўрни билинаяпти...
Райҳон: – Онам... «Опа-сингил аҳил бўлинг, ҳамиша бир-бирингизни қўллаб-қувватланг», дерди. Синглим ва Ширин билан волидамни кўп эслаймиз. Ҳаёт бўлганида.... Охиратлари обод бўлсин!

Блиц:
Райҳон: 
–  Ширин нимани рад қилолмайди?
–  Ширинликларни.
–  Унинг энг севимли романи?
–  Ягонаси йўқ, лекин китоб ўқишни ёқтиради.
–  Дугонангиз узоқ вақт жим бўлиб кетса...
–  Демак, ҳаммаси жойида, муаммолар йўқ. 
–  Энг катта қувончи?
–  Фарзандлари!

Ширин:
–  Райҳон нимадандир ранжиса, қандай овунади?
–  Ёлғиз қолишни ихтиёр этади.
–  Райҳон кечирим сўрашни биладими? 
–  Ҳа! Кимдир сени жуда қаттиқ хафа қилса ҳам уни кечир ва қўйиб юбор. У шунга амал қилади. 
–  Дугонангизнинг энг севимли таоми?
–  Айнан биттасини айтолмайман-у, лекин корейс ошхонасини ёқтиришини биламан.
–  Имкон берилганида қандай туғма қобилиятга эга бўлишни истарди?
–  Райҳон серқирра ижодкор. Қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Пазандалик борасида маҳоратини оширса бўлгани.

Просмотров: 1073 | | Рейтинг: 3.3/32
Всего комментариев: 0
avatar