Меню сайта


Проигрыватель


Аккаунты Райхон


Instagram


Календарь


Наш опрос

    Оцените наш сайт
    Всего ответов: 887

Статистика



Главная » 2015 » Январь » 21 » РАЙҲОН ЮРАГИНИ ОЧАДИ!
17:02
РАЙҲОН ЮРАГИНИ ОЧАДИ!

РАЙҲОН ЮРАГИНИ ОЧАДИ! 

Ижтимоий тармоқларда Райҳоннинг турмуш ўртоғи билан ажрашаётгани ҳақида маълумотлар тарқалдики, “Айфон 6” чиққанида ҳам бу қадар катта шов-шув бўлмаганди. “Нега? Нима учун? Вой? Ёлғон! Афсус! Ие?!” – таажжуб ва саволларнинг кети узилмаяпти. Одатда, энг машҳур юлдузлар шахсий ҳаётидаги воқеалар ижодидий янгиликларга кўра кўпроқ қизиқтириш уйғотади. Мухлислик шу-да! Оммага юлдузларнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳар қандай детал эътиборли. Оила қураётган машҳур камми ё оиласида турли муаммолар туғилаётгани?! Бироқ, буларнинг нечтасидан бехабар ҳам қоламиз. Райҳон билан боғлиқ воқеалар у ижодга киргандан бошлаб, минглаб мухлисларнинг кўзини четлатиб ўтиши мумкин эмас! Машҳурликнинг юки оғир деб шуни айтади! Машҳур инсон бошига иш тушса, юрагида кечаётганлари билан ўзи курашиши бир томон,  эл оғзига тушган гап-сўзларга нуқта қўйиш ҳаммасидан ҳам муҳимроқ саналади.

Йил бошида Райҳон билан эксклюзив суҳбат уюштиришни лозим топдик. Бу шунчаки анъанавий савол-жавоб эмас, сиз кутаётган, аниқ жавоб излаётган саволларга севимли хонанданинг ўзидан аниқ маълумотлар эшитамиз.

-Чарчаганингиз кўриниб турибди. Концертга катта тайёргарлик кўраётганингиздан дарак бу...

-Вокалистлар билан ишлаяпмиз. Менинг янги манерам борасида. Умид қиламанки, ўзгаришимни мухлислар илиқ қабул қилади. Чунки, жуда бошқача бўламан!

-Бошқача? Қанақа бўласиз?

-Максимум даражада жонли мусиқа бўлиши устида ҳаракат қилаяпмиз. Тўғри, тўлиқ жонли ижрога ўтиш осон эмас. Бироқ,  70-80 фоиз жонли ижро бўлади. Менинг шоумни рақсларсиз тасаввур этиб бўлмаса керак. Шу боисдан ҳар бир қўшиққа рақс саҳналаштиряпмиз. Жонли куйлаётганим сабабли енгилроқ куйлашда рақсга тўлиқ эътибор қаратилади, оғирроқ бўлса, рақсни камайтирамиз. Бу йил иккита балет ишлайди. Бошқача концерт бўлади. Одатий шоуларимдан жуда фарқ қилади.

-Жонли куйлай олишингизга ишоняпсиз?

-Албатта.

-4 кун жонли куйлаш қийинчилик туғдирмайдими? Кучингиз етадими?

-Ҳар куни репетиция қилаяпмиз. Тик туриб куйлаш ҳам мухлислар ўйлаганчалик у қадар осон эмас. Бироқ, ҳаракатлар билан жонли куйлаш юракка етарлича юк ташлайди. Нафас олиш тизимини ҳам зўриқтириб қўяди. Бироқ, наилож! Эл ҳурматига муносиб бўлиш учун ҳар қандай қийинчиликни енгиш даркор!  

-Жонли куйлашда кимдан ўрнак оласиз? Озодбек, Жаҳонгир, Юлдуз...?

-Ҳар бир санъаткор қойил қолдиришни истайди. Юлдуз ва Озодбекнинг жанри ўзгача. Ҳам рақсга тушиб, ҳам жонли куйлаш жуда мураккаб. Таъбир жоиз бўлса, оғиздан юрак чиққудек бўлади. Озодбек ака деярли бир ой “лайв” куйлагани бизларга катта дарс бўлди. Ҳар бир санъаткор бугун ўзининг овоз имкониятларини кенгроқ кўрсатишга ҳаракат қиляпти.

-Концерт афишаларида яна бир бор дидингизни кўрсатдингиз. Бошингиздаги катта шляпани кўпчилик фотошоп деб ўйлаяпти...

-Йўқ. Бу монтаж эмас. 10 йилдан бери “Канаки” фотостудияси билан ишлаб келамиз. Фотоуслубда креативлик бўлишини истадик. Тикувчимга янги вазифа қўйдим. Антиқа шляпа тикиб беришини айтдим. У ҳайратга тушди, бироқ, ишини уддалади. Бу суратда менинг имижимга ҳеч бир нарса компьютер орқали қўшилмаган.

-2014-йил мегахитига айланган - Иманининг “Сен ҳеч қачон билмайсан” қўшиғини тинглаб келдим. Қўшиқ сўзлари эса навбатдаги савол туғилишига сабаб бўлди: Сизнинг ҳеч кимга айтолмайдиган сирларингиз борми?

-Менимча, ҳар бир инсоннинг ичида ўзига аён сирлари бор. Мени омма учун керагича очиқ инсон эдим. Ёшим улғайган сари англадимки, юракни фақат сени чин юракдан тушуна оладиган ва сирингни ҳаммага овоза қилмайдиган одамларга очиш керак экан. Бу инсонлар доираси эса йил сайин қисқариб бормоқда. Шундай нарсалар борки, фақат ўзинг ва Ўзига аён.

-Катта бир омадингиз шундаки, концертларингизга чипталар топиш муаммога айланади. Бу бошқа кўплаб концерт бераётган ҳамкасбларингиздан фарқли жиҳатларингиздан бири. Сунъий томошабин йиғиш муаммоси сизда йўқ-да! Балки концерт кунларини кўпайтирарсиз?

-Биз бу ҳақда ҳам ўйлаб кўраяпмиз. Вазиятга қараймиз. Чипталар тугаб, сарой иш режасида бўш кун бўлса, албатта, яна бир кун қўшамиз.

-Бир машҳур санъаткорнинг дабдаба билан яратган янги альбоми кутилганидек натижа бермади. Куйлаётганларини шеър деб бўлмайди. Қофия қидириб, хуноб бўласиз. Концертдан кейин янги альбомингизни оммага тақдим этасиз. Қайси қўшиқларингиз “еб кетиши”дан умидворсиз?

-Сизга ёқмайдиган “Излама” қўшиғим (кулади). Бу қўшиғим ўз тингловчиларини топганидан хурсандман. Ҳақиқатан ишонгандим. Ва шундай натижа берди. Менимча, ҳозир оммага рақсбоп тароналардан кўра, қалбга маҳзунлик улашадиган қўшиқлар ёқяпти.

-Ҳолливуднинг шов шувларга сабаб бўлган “Интервью” фильмини томоша қилдингизми?

-Ҳар доим янги воқеалардан хабардор бўлишга интилардим. Ҳозир фарзандлар парвариши ва ижоддан бўшамаяпман. Уйқуга тўймаяпман. “Инстагарам”ни  варақлашга ҳам вақт йўқ. Иш кўп, масъулият катта. У эса менинг зиммамда.

-Феврал концертларга тўла. Манзура, Шоҳруххон, Гулсанам... Улардан кимнинг концертида томошабин бўлиш иштиёқи бор?

-Гулсанамнинг концертини томоша қилганман. Шоҳруҳхон ҳеч қачон таклиф этмаган. Мени ёқтирмаса керак!  Агар, таклиф этишни жоиз топса, албатта бораман.

-Манзура 18 йиллик ижодини сарҳисоб қиляпти...

-18 йил?!  Бу иккинчи концерти, менимча. “Туркистон”да илк концерт берганини эшитгандим. 18 йилдан бери ижод қилаётган экан, демак, у анча хитларини тақдим этади.

-Шунча йилдан бери ижоддасиз. Шогирдликка тушиш истагидаги талантларга ёрдам бериш имкониятингиз бор. Шу ҳақда ўйлаб кўрмадингизми?

-Мен ҳали ўзимни кимгадир ўргатишга лойиқ ижодкор санамайман. Ҳали ўрганяпман. Икки йилдан бери концерт қилмаганим учун рақс ва саҳна ҳаракатларидан узоқлашгандайман. Назаримда, икки йил эмас, 10 йил йўқотдим. Ҳаммасини қайтадан бошлашим керак. Шунинг учун йўқотилган имкониятларимга қайта эга бўлиш учун 10 карра кўпроқ ишлашим керак. Машҳур пианиночи Рихтернинг гапи бор: “Бир ой бармоқларинг пианино клавишаларини босмаса,  1 йил орқага кетасан”! Наздимда, унинг гапи ҳамма соҳага тегишли.  

-Митти қорбобочаларингизга нима совға қилдингиз?

-Улар менинг қуёнчаларим! Машиначалар, велосипедлар, караоке-роботлар... Уларга ҳар доим ўйинчоқлар харид қилгим келади. Синглим “Бунча ўйинчоқни нима қиласиз?” деб ҳайратда. (кулади). Мен эса бу ҳайратга парво қилгум йўқ!

-Фарруҳ Зокиров санъаткорлар базмида ночор санъаткорлар учун фонд очиш борасида таклиф билдирди. Балки сиз ҳам қўллаб-қувватларсиз?

-Нега йўқ? Бу савоб-ку?! Меҳрибонлик уйларига, беморларга эътиборлимиз. Кексаларни унутиб қўйяпмиз. Бизнинг ҳам кези келиб қаришимиз бор...

-Кўпчиликнинг фикрича, турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизга нуқта қўяётганингиз концерт олди пиар! Шунга ойдинлик кирита оласизмим?

-Пиар дейишларига сабаб, “тўйининг эртаси куни ажрашиб кетишади” деган гап-сўзлар анча олдин болалаганидир. Бироқ, бу гапларнинг концертимга умуман алоқаси йўқ. Ҳозирги вазиятга тўхталсам, мураккаб. Нималар содир бўлаётганини эса бирма-бир оммага дастурхон қилиш ниятим йўқ. Бу шахсий ҳаётим. Ички муносабатлар.

-Турмушнинг “мушт”и ва ширинини ҳам тотишга улгурдингиз. Хулоса қилишингиз учун татиган аччиқ- чучугингиз етарли. Сизнингча, оилани қайси омиллар мустаҳкамлайди?

-Ҳурмат. Эр-хотиннинг ўзаро ҳурмати. Ҳар қандай вазиятда ҳам уни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак. Ҳурмат йўқолса, мустаҳкамлик қулайди...

-Сиз яхши рафиқа бўла олдингизми?

-Хотин сифатида менга боғлиқ ҳамма нарсани бажардим. Эрим учун ўз вақтида овқатини ҳозирладим, кийимларини дазмолладим, кирини ювдим... Уйимни сариштали ва шинам тутдим.   Кўп аёллар каби эримдан қанча пул топаётганини сўрамадим. Нима бўлишидан қатъий назар уни тушунишга ҳаракат қилдим. Айб изламадим, уни турли важлар билан бошини оғритмадим. Тўғри ёшимизда фарқимиз 12 йил. Мен ҳам у каби ёшдаги давримни кўз олдимга келтириб, тўғри ва адолатли муносабатда бўлишга интилдим...Хуллас, турмушимда жуда мураккаб вазият юзага келди...Ажрашишга қарор қилдим.

-Яхши келин бўла олдингизми?

-Қайнонам учунми? Қайнонам Москвада истиқомат қилади...

-Сиз учун идеал оила борми?

-Қариндошларим орасида бор. Тўғри, келишмовчилар ҳар қандай оилада учрайди. Назаримда, муҳаббат ва ишонч асосида қурилган оила жуда мустаҳкам бўлади. Эр ва хотин ўзи учун эмас, кўпроқ оиласи учун қайғурса, у ҳар қандай тўфонга чидай олади. Ҳурмат йўқолса, муҳаббат ўз-ўзидан йўқоларкан!

-Шабнам Сурайё билан интервью қилганимда, у севги изҳорлари ва муҳаббатга ишонмаслигини айтди. Сизда севгига бўлган ишонч ўз кучидами?

-Албатта. Севгига ишончим йўқолса, қўшиқ куйлашдан тўхтаган бўлардим. Муҳаббатнинг чеки йўқ. Аллоҳга, Ватанга, оилага, фарзандга...Севги фақат эр-хотин ўртаси билан чегараланмайди-ку, ахир!  Шу қадар турфа, шу қадар ажойиб туйғу!

-Шу кунларда ёлғиз қолганингизда нималар ҳақида ўйлаяпсиз?

-(Ўйланиб). Олдин келажак ҳақида ўйлардим. Бироқ, келажак сен қандай ўйлашингдан қатъий назар, тақдирда ёзилгани каби содир бўлишини тушундим. Шунинг учун  ҳозирим, бугуним билан роҳатланишни истайман. Олдинлари ачинсам, ҳозир лаҳзаларимга ошно тутинаман. Ҳаётимда, атрофимда қанчалар қийин ҳолат бўлмасин, бахтли онларимни барибир топишга уринаман. Негатив нарсаларни хаёлимдан чиқариб ташлайман. Худога шукур!  Ҳа, муаммо бор. Ҳа, ҳаммаси фақат оқ чизиқлардан ё ҳар қаёққа сочилган атиргул япроқларидан иборат эмас. Бироқ, гўзаллик, яхшилик, бахтли дамлар кўпроқ. Вақт ўтган сайин яхшиликнинг қадрига етиб бораяпман.

-Муниса Ризаева ва Тоҳир Содиқовнинг “Ёшлар” каналидаги чиқиши ижтимоий тармоқларда роса муҳокама бўлмоқда. Бу икки юлдузни кулгуга қолдирган видео кўп эстрада хонандалари уялиб қолмасликлари учун ҳам миллий қўшиқларимизни ҳам куйлаб, ўрганиб туришлари кераклигини ёдга соладиган бир дарс бўлди-ёв?!

-Балки, улар тўғрироқ куйлашга уриниб кўришганидан шундай туюлгандир?!  Ҳар бири ўзи ҳис қилганича куйлади. Бироқ, мен ТВда кўрмадим...Нима бўлишидан қатъий назар, ўтгани ўтган йилда ўтди. Ҳозир янги йил! Янги концертимда мен ҳам халқ қўшиқларимиздан попурри куйлайман. Устимдан кулишса, бошқа куйламайман (кулади). Мен ҳам ўз услубимда куйладим. Уйда ҳам ўзимча куйлайман: “Эрта билан тураман, наҳори нашта...(куйлай кетди).

-Яқинда бир мусиқий кечада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистдан Ватан ҳақидаги қўшиғини куйлаб беришини сўрашди. У эса куйлашни истамади. Мухлислар ранжиди... Хонандаларнинг  мухлисларини ранжитишга ҳаққи бормикан?

-Йўқ. Биз санъаткорларни машҳур қилаётган мухлислар-ку?! Уларсиз киммиз? У хонандани ҳам ўша пайдаги ички ҳолатини  ҳам тушуниш керкдир?!  Ахир хонанда – программалаштирилган робот эмас-ку, сўрашганини куйлаб кетаверадиган!? Сиз айтаётган қўшиқчи жонли куйлагани боис, овозида ҳорғинлик сезгандир...

-Бироқ, у ўша пайтда деярли барча қўшиқларини фонограммада куйлади. Бу ҳаммага яққол сезилди...

-Кейинги саволга ўтсак майлими?! (кулади).

-Санъаткор гонорарига яраша кийиниб, ўзига қараб, эл хизматларига келса, жуда мақсадга мувофиқ бўларди. Ярим ялонғоч ё йиртиқ  жинси шим, ҳатто айримлари кўкраги ташқарига чиқиб кетгудек тарзда келишдан уялмайди ҳам...Бу нимаси?

-Ҳар кимнинг ўз йўли бор. Мен ҳамиша ўз ишимга масъулиятли бўлишга интиламан. Саҳна учун доим энг чиройлисини, энг яхшисини танлайман. Бу менинг ишим, ноним. Шунинг учун ишимга пул сафрлашни қизғонмайман.

-Тўйларда “бирров” талашиб қолишади. Сиз бундай вазиятда қандай йўл тутасиз?

-Ҳар доим дақиқама-дақиқа, ўз вақтида келаман. Бир марта 2 дақиқа кеч қолганимда, бошловчи қийналиб қолганини айтганди. Навбатимга тушмоқчи бўлган санътакорларга эса тушунтираман. Аниқ режада юрганим учун бошқа тўй эгалари олдида ноқулай вазиятга тушишни истамайман!

-Гаури Хон эри Шоҳруҳ Хоннинг “Янги йил билан” фильмига продюсерлик қилди. Анжелина Жоли ҳам эри Брэд Питтнинг янги фильми харажатларини ўз бўйнига олди. Мадонна ҳам собиқ эрига молиявий ёрдам берган. Балки сиз ҳам Йигитали ижросидаги янги фильмга пул тикарсиз?

-Йўқ!

-Бу қатъий жавобми?

-Ҳа.

-Балки, фикрингиз ўзгариб қолар?

-Ўзгармаслиги аниқ!

-Ўзингиз учун сизни ранжитганларнинг “қора рўйхат”ини тузганмисиз?

-Йўқ. Чунки, дилимни қаттиқ оғритганларни ҳам вақт ўтиб, чин дилдан кечирим сўраса, юрагимда унга нисбатан хафагарчиликни унутаман!

-Демак, кечиримлисиз. Ажрашиш учун судга ариза ёзган эрингизни-чи? Уни кечиришга куч топишингиз шу қадар қийинми?

-Хафа бўлган инсонларимни кечириб, юрагимдан қўйиб юбораман. Турмуш ўртоғимга келсак, мен уни кечиришим мумкин. Бироқ, бошқа муносабат тикламайман!

-Концертлар, машҳурлик, бойлик... Ҳаммасини йўқотганингизда ҳам, сиз билан нима қолишини истардингиз?

-Тоза қалбим! Бу ҳаётга меҳмонмиз. Ҳозир ёшим 36 да. Ҳануз 25 ёшда юргандекман. Қаранг, вақт югуришини?! Кўз очиб юмгунча, 40, 50, 60 га ҳам кириб қоламиз... Энг муҳими, гуноҳга ботмасдан, юрагимизни тозалашга улгурмоғимиз даркор! Ҳамма нарса вақтинчалик. Тоза юракни сақлаш эса бош мақсаддир!

Жасур ҲАМРОЕВ

Просмотров: 4580 | | Рейтинг: 2.6/108
Всего комментариев: 5
avatar
0
1 Наргиза Рахимова • 14:00, 23.01.2015
минг афсус барибир сиз елгиз эмассиз биз мухлислариз бормиз
avatar
0
3 MBanu • 01:29, 25.01.2015
Ким нэма дэса дэсун, озга огизда дэйди,
Райхон хэч хам бош эгмас, бу хам хайот синови.
***************************************
2005-Йил мэн тунжи маратоба узбэкча урганиш учун харакат килдим.мхам шу йилдан РАЙХОН опа сизи танидим.
Агар хато болмаса 2011-йлдан Хитойга тунжи маротоба кэлиб концерд бергандиз. Афсус оввал хабар тополмай жунотолмаганим учун бир кэча йиглагандим. 2012-Йил 14-май сайтиз чатидан учрашувда сиздан икки маратоба:" сизи энг якин одамингиз ким ?" деп сорагандим. Сиз эса" ойим ва синглим"дэйа жавоб берган. Шу йилдан Хитойга йана келгандингиз. ...
Мэн узбэк эмасман, мен хам узбэкистонда тугилмаган, лэк сизи ашаддий мухлисизман.
Ахир мэнга охшаганлар биттагина эмастир, хаммамиз сизи сог болишизи, бахитли болшизи, кулгу ичра гуллап йашнашизи орзу киламиз.
BU KUNLAR HAM O'TIB KETADI!BIZ SIZ BILAN O'XIRGACHA BIRGAMIZA!omadlar!
(追求完美的人生,做回永恒的自己!加油!Fighting!سىزنى سۆيىمىز[color=orange]
avatar
0
4 Sharofiddin Latipov • 21:25, 30.01.2015
Hop gapni qisqasi ajrashgani rostmi yoki yolgon?
avatar
0
5 saidov • 13:53, 08.02.2015
rayhon men sizni sevaman.
avatar